Главная
» » Об итогах социально-экономического развития Республики Узбекистан за 9 месяцев 2016 года
So'ngi-yangiliklar

Ўзбекистон Республикасини 2016 йилнинг тўққиз ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида

I. Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 15 январда бўлиб ўтган мажлисида белгилаб берилган 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари изчил амалга оширилиши ва пухта ўйланган макроиқтисодий ҳамда фаол таркибий сиёсатнинг давом эттирилиши жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатимизда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш имконини берди. 

Ялпи ички маҳсулот ҳажми 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 7,8 фоиз, саноат ҳажми 7,2 фоиз, қишлоқ хўжалиги ҳажми 6,4 фоиз, чакана савдо айланмаси 14,2 фоиз ўсди. 

Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва 2,2 фоизни ташкил қилган инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий барқарорликни сақлаш орқали эришилди. 

Саноатни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштиришга оид фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмининг 9,4 фоизга ва пудрат-қурилиш ишларининг 15 фоизга ўсиши имконини берди. 

Жорий йил бошидан буён 2016-2020 йилларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури доирасида 9 мингта янги сервис объекти ташкил этилгани шу йилнинг тўққиз ойида кўрсатилган хизматлар ҳажмининг 12,4 фоиз ва ялпи ички маҳсулот таркибида хизматлар улушини 2015 йилнинг шу давридаги 51,2 фоиздан 51,7 фоизгача ошириш имконини берди. 

2016 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари

(2015 йилнинг шу даврига нисбатан фоиз ҳисобида) 

Кўрсаткичлар Ўсиш суръатлари 

Ялпи ички маҳсулот 107,8 

Саноат 107,2 

Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 106,4 

Жами хизматлар 112,4 

Чакана савдо айланмаси 114,2 

Ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 109,4 

Шу йилнинг тўққиз ойида саноат маҳсулотлари кўпайишининг асосий қисми қайта ишлаш саноати тармоқлари томонидан таъминланди. Саноат маҳсулотларидаги уларнинг улуши 2015 йилнинг шу давридаги 78,2 фоиздан 79,7 фоизга ошди. 

Хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида товар ишлаб чиқарадиган тармоқларда саноат маҳсулотларининг юқори ўсиш суръатларига эришилди. Хусусан, тўқимачилик буюмлари, кийим ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш 114,8 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари 113,7 фоиз, фармацевтика маҳсулот ва препаратлари 123,7 фоиз, кимё маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмлари 134,1 фоиз, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 112,9 фоизга ошди. 

Ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва тайёр истеъмол товарлари турини кенгайтириш мақсадида истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг технологик ускуналар харид қилиши ҳамда айланма капиталини кўпайтириши учун тижорат банклари 4,4 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратди. Тайёр тикувчилик-трикотаж маҳсулотларининг 57 янги тури ва 141 моделини, 80 дан зиёд турдаги янги дори препаратлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар томонидан саноат маҳсулотларининг 50 дан ортиқ янги тури, жумладан, нефть-газ-кимё ускуналари, конвейер ускуналарининг эҳтиёт қисмлари, автомобиллар спидометри, электр печлар, сув тўплайдиган электр иситгичлар, спорт тренажёрлари, болалар велосипеди ва самокатлари ҳамда бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

2016 йилнинг тўққиз ойида Маҳаллийлаштириш дастури доирасида қиймати 4091,7 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва ўсиш 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробарни, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 1,3 миллиард долларни ташкил қилди. 

Молия-банк тизими барқарорлигини таъминлашга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида шу йилнинг тўққиз ойида банклар умумий капитали 22,8 фоиз, уларнинг активлари 25,5 фоиз, банклардаги депозитлар 27,5 фоиз кўпайди. Натижада тижорат банклари маблағлари ҳисобидан иқтисодиётга кредит ажратиш ҳажми 25,7 фоиз ўсди. Бунда ажратилган банк кредитлари умумий ҳажмининг қарийб 80 фоизини инвестиция мақсадлари учун узоқ муддатли кредитлар ташкил қилди. 

Жорий йил бошидан буён Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 3,7 миллиард долларлик 100 йирик ишлаб чиқариш объекти ишга туширилди. Жумладан, «Жиззах вилоятидаги цемент заводини кенгайтириш», «ЖМ Ўзбекистон» акциядорлик жамиятида «Т-250» русумидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш», «Талимаржон ИЭСда 450 МВт қувватли иккита буғ-газ турбинаси қуриш», «Ангрен ИЭСда кўмир кукунидан фойдаланишга мўлжалланган 150 МВт қувватли энергия блоки қуриш», «Индорама Қўқон текстиль” хорижий корхонасида йигирув корхонаси ташкил этиш (IV-босқич)», «Сирдарё вилоятидаги «Guliston Med Texnika» қўшма корхонасида стерил шприцлар ишлаб чиқариш" ва бошқа лойиҳалар шулар жумласидандир. 

Бундан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурлари доирасида ҳисобот даврида қарийб 22 минг лойиҳа, жумладан, саноат соҳасида 3195 корхонада янги қувватларни ишга тушириш, 162 корхонада янги фаолият турларини йўлга қўйиш, 264 корхонани модернизация қилиш ва 653 корхонанинг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтиришни ўз ичига олган 4274 лойиҳа амалга оширилди. 

Ушбу лойиҳаларни амалга оширишда жорий йил бошидан буён 2,65 миллиард долларлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,2 фоизни ташкил қилди. Бу маблағларнинг 1,8 миллиард доллардан ортиғи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Натижада ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмида хорижий сармоялар улуши 21,1 фоиздан 22,3 фоизга етди. 

Саноатни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш лойиҳалари, шунингдек, 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши натижасида йирик корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини ўртача 9,4 фоиз камайтиришга эришилди. 

II. Иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, экспортда фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш 

Жаҳон иқтисодиётида инқироз ҳолатлари ҳамон сақланиб турган ва жаҳон бозоридаги нархлар экспорт салоҳиятига салбий таъсир кўрсатаётган бир шароитда юртимиз экспортчиларининг ташқи бозордаги ўрнини сақлаш мақсадида хорижга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш, экспорт қилинадиган маҳсулотлар тури ва географиясини диверсификация қилиш, экспорт фаолиятига янги корхоналарни жалб этиш ишлари давом эттирилди. 

Жорий йил бошидан буён яна 835 корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 246 турдаги янги маҳсулот экспорти йўлга қўйилди. Маҳаллий маҳсулотларни четга етказиш географияси 52 та янги бозорга кўпайди. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари, Ливан, Иордания, Ироқ, Гана, Сенегал, Кот-д`Ивуар, Сомали, Нигерияга енгил автомобиллар, Япония, ХХР, АҚШ, Исроилга виноматериаллар ва вино-ароқ маҳсулотлари, Польша, ХХР, Туркия, Жанубий Корея, Латвия, Афғонистонга кимё маҳсулотлари, Швеция, Руминия, Болгария, Туркияга минерал ўғитлар, Беларусь, Озарбайжон, Польша ва Жанубий Кореяга спорт пойабзаллари, чарм буюмлар ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинди. 

Бунинг самарасида шу йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, товар ва хизматлар экспорт ҳажми 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 фоиз ўсди. Полиэтилен, трикотаж полотно, ип газлама, фармацевтика препаратлари ва тиббиёт буюмлари, молибден, вольфрам маҳсулотлари, аммофос, кальцийлаштирилган сода, юк автомобиллари ва юқори қўшимча қийматга эга бошқа маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажми ошди. 

Мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилгани, жумладан, "Ўзагроэкспорт” ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ташкил этилгани натижасида жорий йил тўққиз ойида 543 минг тоннадан зиёд ёки 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 40,4 фоиз кўп ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. 

III. Муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш 

Жорий йилнинг тўққиз ойида 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурини амалга ошириш фаол давом эттирилди. 

Жумладан, янги Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш ва Поп – Қўқон – Андижон участкасини электрлаштириш ишлари ниҳоясига етказилди. Самарқанд – Бухоро йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи электр поездлари қатнови йўлга қўйилди. 98 километрлик темир йўл участкалари қайта тикланди, 300 километрдан зиёд автомобиль йўллари реконструкция қилинди, узунлиги 1000 километрдан ортиқ хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳар, қишлоқ аҳоли пунктлари, туман марказлари ва шаҳар посёлкалари кўчалари жорий таъмирланди. 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ҳаво кемалари паркини янгилаш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида миллий авиакомпаниямиз парки дастлабки «Boeing 787-800 Dreamliner» самолёти билан тўлдирилди. 

2013-2020 йилларда телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантириш дастурининг амалга оширилиши доирасида жорий йил бошидан буён замонавий технологиялардан фойдаланиш имконини берувчи 1756 километрдан зиёд кенг полосали оптик-толали тармоқлар барпо этилди ва захирага олинди. Давлат ахборот ресурслари сони 318 тага етказилди, давлат органлари ахборот тизимлари 485 тадан ошди, 290 турдаги интерфаол хизматлар жорий этилди. Шу йилнинг тўққиз ойида Ягона портал орқали 802 мингдан зиёд хизматлар кўрсатилди ва ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,9 баробарни ташкил қилди. 

IV. Хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат иштироки улушини босқичма-босқич камайтириш
 

Иқтисодиётда давлат иштирокини янада камайтиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йил тўққиз ойида қиймати 313,6 миллиард сўмлик инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан 373 давлат активи хусусий мулкдорларга сотилди. Шундан 96 давлат активи қиймати 294,5 миллиард сўм ва 27,2 миллион долларлик инвестиция мажбуриятини олиш ва 7,4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш шарти билан инвесторларга «ноль» қийматда сотилди. 

45 акциядорлик жамиятида хорижий инвесторларга низом жамғармасининг 15 ва ундан кўп ҳажмдаги давлат улушлари сотилди. Бунинг самарасида низом жамғармасида давлат улушига эга акциядорлик жамиятлари сони ўтган йилнинг шу давридаги 302 тадан 183 тага тушди. 

Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури амалга оширилиши доирасида жорий йилнинг тўққиз ойида қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий база ташкил этиш ҳамда уни такомиллаштириш ишлари давом эттирилди. 

Хусусан, товарларни (ишлар, хизматлар) электрон тижорат шаклида сотишни тартибга соладиган Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари тасдиқланди. Қурилишнинг барча босқичларида тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари доирасида ягона қоида ва талаблар белгиланди, бино ва иншоотлар ташқи кўринишини ўзгартириш, объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга, шунингдек, турар жойларни нотурар жойлар тоифасига ўтказишга рухсат бериш талаблари жорий этилди. Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари ва чоралари кучайтирилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилангани бу борадаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. 

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва кичик корхоналар ташкил этиш мақсадида жорий йил тўққиз ойида кичик бизнес субъектларига 12,6 триллион сўмлик кредитлар ажратилди ва ўсиш 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробарни ташкил қилди. Жумладан, қиймати 2,7 триллион сўмлик микрокредитлар ажратилди, халқаро молия институтларининг 185,7 миллион доллар миқдоридаги кредит линиялари ўзлаштирилди. 

Жорий йилнинг тўққиз ойида «E-ijro» идоралараро электрон ҳамкорлик тизимини фаол жорий этиш асосида тадбиркорлик субъектларига «Ягона дарча» марказлари орқали 75 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилди. 

Хусусий тадбиркорлик субъектларининг товар ва хомашё бозорларидан фойдаланиши кенгайтирилиши туфайли Республика товар-хомашё биржасида давлат харидлари бўйича ўз товар ва хизматларини етказиб берувчи сифатида рўйхатга олинган кичик бизнес субъектлари сони 12,7 фоизга кўпайди ва 41 мингдан ортиқ субъектни ёки давлат харидлари иштирокчилари умумий сонининг 97,6 фоизини ташкил қилди. 

Кичик бизнес корхоналари ўз маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришга ёрдам бериш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида Маҳсулотлар экспортига кўмаклашиш бюроси томонидан жорий йил бошидан буён 1,1 мингдан зиёд корхонага маслаҳат хизмати кўрсатилди, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаш, аккредитация, маҳсулот экспорти, халқаро ва давлатлараро талабларни жорий этиш бўйича 40 дан ортиқ халқаро шартнома тузилди. 

Қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда янада рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар шу йилнинг тўққиз ойида 23,6 мингдан ортиқ янги кичик бизнес субъекти ташкил этиш имконини берди. Натижада ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес улуши 54,6 фоиз (2015 йилнинг тўққиз ойида бу кўрсаткич 53,6 фоиз бўлган), саноатда 43,8 фоиз (38,7 фоиз), инвестицияларда 38,3 фоиз (33,5 фоиз), чакана савдо айланмасида 89,9 фоиз (87,3 фоиз) ва бандликда 77,8 фоиз (77,5 фоиз) ошди. 

V. Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлиги ва самарадорлигини янада ошириш, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун экин майдонларини кенгайтиришга қаратилган 2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотларини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизга ошириш имконини берди. 

2016 йилнинг тўққиз ойида пахта майдонларини 30,5 минг гектарга қисқартириш ва бўшаган ерларга ички ҳамда ташқи бозорда талаб юқори бўлган мева-сабзавотлар экиш ҳисобидан экин майдонлари тузилмаси оптималлаштирилди. Бундан ташқари, 8,2 минг гектар майдонда янги интенсив боғлар, 5,2 минг гектарда токзорлар ташкил этилди. 6 минг гектар майдондаги боғлар ва 3,5 минг гектардаги токзор қайта тикланди. 532 гектар майдонда 9,9 мингта замонавий иссиқхона барпо этилди. 

Қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини янада ошириш мақсадида 2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат дастурини амалга ошириш доирасида шу йилнинг тўққиз ойида узунлиги 734,6 километрлик коллектор, 229 километр ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 846 та қудуқ, 50 та гидротехник иншоот ва 7 насос станцияси барпо этилди ва реконструкция қилинди. 

2016-2020 йилларда мева-сабзавотларни сақлаш бўйича моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасининг ҳудудий компаниялари, фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналар томонидан 64,6 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 164 янги совутиш камераси ташкил этилди. 

Шу йилнинг ўтган даврида мураккаб об-ҳаво шароитларига қарамасдан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мўл қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди ва йиғиб олинди. Жумладан, 2,3 миллион тонна картошка, 8,2 миллион тонна сабзавот, 1,5 миллион тонна полиз маҳсулотлари, 1,2 миллион тоннадан ортиқ узум, 2 миллион тонна мева ва резаворлар тайёрланди. 

Жорий йил бошидан буён чорвачилик сектори салоҳиятини янада ошириш мақсадида тижорат банкларининг қиймати 380 миллиард сўмдан зиёд кредитлари ҳисобидан қорамол боқиш, паррандачилик, асаларичилик хўжаликларини ривожлантириш ва балиқ етиштиришни кўпайтириш бўйича 5,2 мингта лойиҳа амалга оширилди. 

Натижада шу йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, қорамоллар умумий сони 11,6 миллион бошга (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103,4 фоиз) етди, тўққиз ой давомида 1,6 миллион тонна гўшт (106,6 фоиз), 6,9 миллион тонна сут (106,9 фоиз), 4,5 миллиард донадан ортиқ тухум (110,8 фоиз) ва бошқа маҳсулотлар тайёрланди. 

VI. Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини янада юксалтириш, «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш 

Таълим ва тиббий хизматлар сифатини янада яхшилашга оид чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, уларни зарур инвентарлар билан жиҳозлаш учун йил бошидан буён қиймати 919,5 миллиард сўмлик капитал қўйилма ўзлаштирилди. 

Бюджетдан ташқари Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий таълим муассасалари объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун 201,3 миллиард сўм ўзлаштирилди. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан спорт иншоотлари қуриш ва реконструкция қилиш бўйича қиймати 285,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. 

Умуман, жорий йил бошидан буён 86,3 минг ўқувчига мўлжалланган 236 умумтаълим мактаби, 1,1 минг ўқувчига мўлжалланган 2 академик лицей, 2,3 минг ўқувчига мўлжалланган 21 касб-ҳунар коллежи, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун 550 ўринли 4 ётоқхона, 24 тиббиёт муассасаси, 15 мусиқа ва санъат мактаби, 232 болалар спорти иншооти ва бошқа объектлар барпо этилди. 

Аҳоли турмуш сифатини янада яхшилаш мақсадида ҳисобот даврида янги қишлоқ массивларида замонавий лойиҳалар асосида 12 мингдан ортиқ якка тартибдаги шинам уйлар фойдаланишга топширилди. 

Барпо этилаётган қишлоқ уй-жой массивларида 453 километрлик сув таъминоти тармоғи, 256 километрлик газ, 323 километрлик электр тармоқлари тортилди, 283 трансформатор нимстанцияси ўрнатилди. 

Умуман олганда, жорий йил бошидан буён мамлакатимизда 10,1 миллион квадрат метр, жумладан, қишлоқ жойларда 7,6 миллион квадрат метр уй-жойлар, 1,6 минг километрдан зиёд, хусусан, қишлоқ жойларда 1,3 минг километр сув таъминоти тармоқлари бунёд этилди. 

Аҳоли даромадлари, ҳаёт даражаси ва сифатини муттасил оширишни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши жорий йил бошидан б

Muallif: admin  21-10-2016, 13:39   Ko'rib chiqishlar: 16709   
Hurmatli mehmon, Siz saytga ro'yxatdan o'tmagan foydalanuvchi bo'lib kirdingiz. Biz Sizga ro'yxatdan o'tishni yoki, saytga o'z nomingiz ostida kirishni tavsiya qilamiz.
Izohlar (243)