Главная
» » 21 октябрь — Давлат (ўзбек) тили тўғрисидаги Қонун қабул қилинган кун
So'ngi-yangiliklar

21 октябрь — Давлат (ўзбек) тили тўғрисидаги Қонун қабул қилинган кун

ОНА ТИЛИ ҲАҚИДА

Алишер Навоий

ТУРКИЙ ТИЛ НАЗДИДА

 

Чунки топтим ул калом ичра камол,

Турк алфози била сурдум мақол…

Турк назмида чу мен тортиб қалам,

Айладим ул мамлакатни якқалам…

 

*  *  *

 

Мен туркча бошлабон ривоят,

Қилдим бу фасонани ҳикоят;

 

Ким шуҳрати жаҳонга тўлғай,

Турки била дағи баҳра олғай.

 

Чунки бу кун жаҳонда атрок

Кўптур хуш табъ, соф идрок…

 

 

Абдулла Авлоний

ҲИФЗИ ЛИСОН

 

   Ҳифзи лисон деб ҳар бир миллат ўз она тил ва адабиётини сақламагини айтилур. Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур . Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун кундан-кун унутмак ва йўқотмақдадурмиз. Тилимизнинг ярмига арабий, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдадурмиз. Дуруст, бизларга ҳукуматимиз бўлғон рус лисонини билмак ҳаёт ва саодатимиз учун ош ва нон каби кераклик нарсадур. Лекин ўз еринда ишлатмак ва сўзламак лозимдур. Зиғир ёғи солуб мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур.

   «Ёҳу! Бизга на бўлди? Боболаримиз йўлидан чиқуб кетдук. Яхши қўшнингдан олгунча ёмон уйингни қидир», – демишлар. Боболаримизга етушғон ва яраган муқаддас тил ва адабиёт бизга ҳеч камлик қилмас. Ўз уйимизни қидирсак ва ахтарсак йўқолганларини ҳам топармиз. «Йўқолса йўқолсун , ўзи бошимга тор эди», – деб Ёврупо қалпоғини киюб, кулги бўлмак зўр айб ва уятдур. Пайғамбаримиз: «Эрларда жамол лисон ва тилдур», – демишлар.

 

Эй она тил, азиз қадрдоним,

Илтифоти руҳим, Раҳмоним.

 

Туғдиғим кундан айладинг улфат,

Ўлгунча айилма, эй жоним.

 

Менга илм-у адаб сан ўргатдинг,

Чин адиб, муаллим, шоним.

 

Миллатнинг руҳини кўтаргучисан,

Эй муқаддас карамли султоним.

 

   Умумий миллий тилни сақламак ила баробар хусусий оғиз орасидаги тилни ҳам сақламак лозимдур. Чунки сўз инсоннинг даража ва камолини, илм ва фазлини ўлчаб кўрсатадурган тарозусидур. Ақл соҳиблари кишининг дилидаги фикр ва ниятини, илм ва қувватини, қадр ва қийматини сўзлаган сўзидан билурлар. «Қуруқ сўз қулоқға ёқмас» – демишлар.

   Агар сўз ақл ва ҳикматга мувофиқ бўлуб, ўзига ёки эшитувчига бир фойда чиқадурган бўлмаса, асаларилари орасида ғунғуллаб юрган қовоқари каби қуруқ ғўнғулламоқ фақат бош оғриғидан бошқа бир нарса эмасдур . Бошимизга келадурган қаттиғ кулфатларнинг кўпи юмшоқ тилимиздан келадур. Шунинг учун: «Кўп ўйла, оз сўйла», – демишлар.

   Тилларнинг энг яхшиси сўзга уста тил, сўзларнинг энг яхшиси билуб, охирини ўйлаб сўйланган сўздур.

 

Гўзаллик юзда эрмас, эй биродар,

Сўзи ширин киши ҳар кимга ёқар.

Сўзинг оз бўлсину маъноли бўлсун,

Эшитканлар қулоғи дурга тўлсун.

Сўзинг бўлса кумуш, жим турмак олтин,

Миси чиқғай сўзинг кўп бўлса бир кун.

Кўпайган сўзни бўлгай тўғриси оз,

Шакарнинг кўпидан ози бўлур соз.

 

Миртемир

 

ОНА ТИЛИМ

 

Ёбонларнинг чексизлиги,

Ҳам самуми, ҳам ҳовури,

Онажонлар алласидан,

Қўз ёшидан, оқ сутидан;

Тўқайларнинг тенгсизлиги,

Жилғаларнинг шўх ғовури,

Йигитларнинг ялласидан,

Сулувларнинг сукутидан —

Йўғрилган тил —

Она тилим.

 

Дарёларнинг тошқин пайти

Арслон янглиғ ариллаши,

Довонларнинг кўк қиёси,

Қорли тоғлар жилосидан,

Чўпонларнинг қамиш байти,

Чилдирманинг дариллаши,

Гўрўғлининг алп сиймоси,

Алпомишнинг даъвосидан —

Туғилган тил —

Она тилим.

 

Тулпорларнинг асовлиги,

Тош чақиши, оловлиги,

Боболарнинг олтин сўзи,

Бўёқчининг ўланидан:

Тўқувчининг алғовлиги,

Чилангарнинг далғовлиги,

Бу тупроқнинг қўш ҳўкизи,

Қўшчиси ҳам қўланидан —

Яралган тил —

Она тилим.

 

Шу тупроқнинг жон аямас

Тарлонлари, бургутлари,

Келинларнинг дилдошлиги,

Ёр-ёрларнинг жарангидан;

Босқинларнинг бедодлиги,

Бувиларнинг ўгитлари,

Дўмбиранинг мунгдошлиги,

Дуторнинг ҳам тарангидан —

Таралган тил —

Она тилим.

 

Элбек

ТИЛ

 

Мунгли қушим, сайраб-сайраб кел, англат,

Кимлар эрур Турк тилини сотғучи?

Булбул каби сайраб турган бу тилни

Уялмайин бу ўлкадан отгучи?

Болдай тотли, жондан азиз туркчани

Тушунмайин, хўрлаб-хўрлаб ётғучи?

Мунгли қушим, уларни қўй, сен сайра!

Турк тилининг донғин чиқар кўкларга!

Қўй уларни, улар йўлдан озсинлар,

Эл ичида бўш бўғузлик сотсинлар!

 

Эркин Воҳидов

ОНА ТИЛИМ ЎЛМАЙДИ

 

Нотиқ деди:

«Тақдир шул,

Бу жаҳоний ирода.

Тиллар йўқолур буткул,

Бир тил қолур дунёда».

 

«Эй воиз, пастга тушгин,

Бу гап чиқди қаердан!»

Навоий билан Пушкин

Туриб келди қабрдан.

 

Ким дарғазаб,

Ким ҳайрон,

Чиқиб келдилар қатор:

Данте, Шиллер ва Байрон,

Фирдавсий, Бальзак, Тагор.

 

«Ваъзингни қўй, биродар,

Сен айтганинг бўлмайди».

Барча деди баробар:

«Она тилим ўлмайди».

 

— Ҳей, бу қандай ақида! —

Қўлида табаррук жом,

Гўзал форсий ҳақида

Рубоий айтди Хайём.

 

Эҳтиросли, оташдил

Беранже сўрди нолон:

— Наҳотки, фаранги тил

Йўқолгуси бир замон!

 

Неруда, Лорка турди

Сервантеснинг ёнига:

— Ким қасд этиб тиғ урди

Она тилим жонига!

 

Фузулий ёнди:

— Озар

Тили гулдек сўлмайди.

Барча деди баробар:

«Она тилимўлмайди».

 

Камалакдек ранго-ранг

Бўлсин деб санъат, тиллар,

Асрларча қилдик жанг,

Армон қилдик минг йиллар.

 

Беқадр бўлса, наҳот,

Тиллардаги тароват!

Йўқолди бу кун, ҳайҳот,

Қабрларда ҳаловат!

 

«Фауст» ёнди гуриллаб,

«Хамса» ўтга туташди.

Бир садо жаҳон бўйлаб

Таралди, тоғлар ошди.

 

Бу садо янграр ҳамон,

Сира адо бўлмайди.

Олам айтар:

Ҳеч қачон

Она тилим ўлмайди!

 

 

Абдулла Орипов

ОНА ТИЛИМ

 

Минг йилларким булбул каломи

Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.

Аммо шўрлик тўтининг ҳоли

Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

 

Она тилим, сен борсан, шаксиз,

Булбул куйин шеърга соламан.

Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!

 

Рауф Парфи

ОНА ТИЛИМ

 

1. Абут-Турк тарихдан балки бир ҳикмат

Бироқ сен борсан-ку Турон элинда.

Шоир, Сўз айтмакка сен шошма фақат,

Улуғ Алишернинг қутлуғ тилинда.

 

Ул олис қуёшдир куйиниб ёнар,

Олис хотиротлар ўчмас фалакда.

Ҳақдан, Ҳакиқатдан кўринг, ким тонар?

Дунёвий аламнинг тийғи юракда.

 

Ватан деб аталган бешик, онажон,

Мен учун ёпилган эшик, онажон,

Мен сокин солланиб илғаб борарман.

 

Ватан деб аталган тобут қўйнида,

Чувалган булутни қордек қорарман,

Руҳимнинг панжаси чақмоқ бўйнида.

 

2. Ҳеч зот уза билмас узилган жонни,

Ҳақиқатни уза билмас ҳеч қачон.

Элим, она тилим, руҳимнинг қони,

Бир имдод сўрайман сендан, онажон.

 

Чаёнзор йўлидир борар йўлларим,

Таним ёнмактадир ишқсиз очунда,

Кўкларга тўқинар сўнгак қўлларим,

Оёқларим менинг тупроқ ичинда.

 

Барчанинг бошида бирдек беомон,

Манхус замонларнинг ўлик шамоли, —

Бузғун йигирманчи аср аъмоли…

 

Менинг она тилим, мунис, меҳрипбон,

Сен Туркий Дунёнинг ғолиб хаёли —

Сени ёзажакман, тирилган жаҳон.

 

3. Улуғ Туркистоним, олтин далалар,

Офтоб сочқи сочар бош узра балқиб,

У сенинг тилингда айтар аллалар,

Қоним, она тилим, оҳ, она халқим.

 

Навоий байтига ўхшайди йўллар,

Бу тошлар Ҳамзанинг қотили, ҳайҳот!

Наҳотки умрбод ўртаса ўйлар,

Умрбод занжирбанд этса хотирот?!

 

Занжирбандман, она тилим Она Сўзингга,

Кундайин сўларман, ойдек тўларман,

Мил каби тортарман Сенн кўзимга.

 

Мен ғариб бандангман. Бир Сўз тиларман,

Бошимни қўярман Сенинг изингга,

Қудсия анфосин айтиб ўларман.

 

 

Ҳалима Худойбердиева

«ЭСКИ ЎЗБЕК ТИЛИ»ГА ЁЗУВ

 

Менинг тиғ тилган тилим,

Менинг кесилган тилим,

Баҳайбат тўғон тушиб,

Йўли тўсилган тилим.

 

Қушнинг унут патидай

Тўкилган унут жоним,

Китобларнинг қатида

Ранги-рўйи сомоним.

 

«Эски ўзбек тили»мас,

Дедилар эскирган тил,

Қўрқиб чиқармоққа сас,

Сандиқларга кирган тил.

 

Сенда бодом иси бор,

Сенда бобом иси бор,

Болам на рус, на ўзбек,

Аросат белгиси бор.

 

Беш юз йиллар аввалги

Хатни мен англайман, бас,

Мен бугун айтганимни

Болам баъзан тушунмас.

 

Кўкрагимда дод қотган,

Яқинлашар катта хавф,

Ўз тилини йўқотган

Халқ бўлмасми ердан даф.

 

Олдга, сафарбарликка

Қандай ярайди болам,

Ортидаги жарликка

Қандай карайди болам.

 

Уни ким қилиб қўйдим,

Ким бўлди оғам-иним,

Томир-томирим куйди,

Синди бўғин-бўғиним.

 

Гули унут халқ бўлдик,

Иўли унут халқ бўлдик,

Оммавий гунглик содир,

Тили унут халқ бўлдик.

 

Умримнинг шом, кечига

Шу ўй санчилиб туриб,

«Луғатит-турк» ичига

Ёшим томчилаб туриб,

Дедим: — Тиғ тилган тилим,

Менинг кесилган тилим.

 

 

Хуршид Даврон

Muallif: admin  21-10-2016, 13:42   Ko'rib chiqishlar: 19033   
Hurmatli mehmon, Siz saytga ro'yxatdan o'tmagan foydalanuvchi bo'lib kirdingiz. Biz Sizga ro'yxatdan o'tishni yoki, saytga o'z nomingiz ostida kirishni tavsiya qilamiz.
Izohlar (864)